АҚШ Давлат департаменти 2016 йил «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар — DV» (Green Card номи билан ҳам маълум) лотереясига рўйхатга олиш даври очилганини эълон қилди. Бу ҳақда «Кун» хабар бермоқда.
Мурожаатчилар 2014 йил 1 октябрь, чоршанба куни, (Тошкент вақти билан) 21:00 дан бошлаб, 2014 йил 3 ноябрь, душанба куни (Тошкент вақти билан) соат 22:00 гача ўз аризаларини электрон равишда dvlottery.state.gov саҳифаси орқали киритиши мумкин.
Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси Ўзбекистон фуқаролари ва унинг резидентлари АҚШ визасига, айниқса, Green Card’га мурожаат этишда хусусий фирмаларнинг хизматларидан фойдаланаётганларида огоҳ бўлишларини эслатган.
«Бу шахс ёки фирмаларнинг ҳеч бири Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси томонидан қўллаб-қувватланмайди ва ушбу хизматларни кўрсатиш учун сертификат ёки рухсатномага эга эмас», — дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.
Ариза топшириш жараёни бўйича ўзбек тилидаги йўриқнома билан ушбу саҳифада (pdf) танишиш мумкин.
Изоҳ (0)