Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 октябрдаги 322-сонли қарори асосида Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуаси ва унга туташ ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Qadriyat.uz хабар беради.
Мажмуа ҳудудида 1000 ўринли янги масжид биноси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг биноси, 40 ўринли таҳоратхона, иккита ҳожатхона, эски ҳовуз ўрнига иккита фаввора, иккита миллий услубда лойиҳалаштирилган шийпон, тегишли коммуникация тармоқлари (иссиқлик, ичимлик суви, оқава-чиқинди суви, электр, алоқа, ёритиш), ерости ўтиш йўли, автотўхташ жойи, 50 ўринли уч қаватли меҳмонхона, 70 ўринли чойхона, икки қаватли минимаркет ва бошқа ўндан ортиқ миллий ҳунармандчилик савдо дўконлари, новвойхона, замон талабига жавоб берадиган 50 ўринли деҳқон бозори, ошхона қуриб битказилмоқда. Ушбу катта миқёсда қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудуд 2,7 гектар ер майдонни ташкил қилади.
Янги лойиҳа талабига мувофиқ мажмуага кириш дарвозаси қайта қурилди; чегара деворлари бошқатдан тикланди. Қадимги мадраса биноси тўла таъмирдан чиқарилди. Ҳовлидаги эски минора олиб ташланиб, янги масжид олдида баландлиги 31 метр бўлган минорани қуриш ишлари олиб борилмоқда. Зангиота ва Анбарбиби мақбаралари ҳам буткул қайта таъмирланди. Мажмуадаги бешта гумбаз қайта тикланди.
Зиёратгоҳ мажмуаси рўпарасида, шунингдек, бу ҳудудда ҳам ободонлаштириш, коммуникация тармоқларини қуриш ишлари жадал олиб бориляпти.
500 метр масофада олти қаторли йўл қурилиш ишлари ва икки ҳудудни боғловчи ерости ўтиш йўли қурилмоқда. Шу тариқа мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)