1 октябрь куни бўлиб ўтган Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан сўнг мамлакатдаги энг йирик интернет-компаниялар — «Яндекс» ва Mail.ru’нинг қимматли қоғозлари кескин равишда арзонлашиб кетди. Бу ҳақда Korrespondent.net хабар бермоқда.
Россия раҳбари Владимир Путин йиғилиш натижаларини маълум қилар экан, интернетдан фойдаланиш чеклаб қўйилмаслиги ва унинг тўлиқ назоратга олинмаслигини таъкидлади. Шунга қарамай, Путин Россия ташқаридан глобал интернетдан узиб қўйилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, мамлакат интернетининг барқарорлиги ва хавфсизлиги таъминланиши кераклигини қайд этди.
Тармоқ элементларидан нусха кўчириш хавфсизликни таъминлаш чораларидан бири бўлиб, у интернетнинг Россиядаги сегменти ҳимояланганлик даражасини оширади.
Шу тариқа, «Яндекс» NASDAQ Америка биржасидаги нархи 4,84 фоизга тушган бўлса, унинг Москва банклараро валюта биржаси (ММВБ)даги қоғозлари 3,5 фоизга тушиб кетди. Мазкур қимматли қоғозлар қиймати бугунги савдо жараёнларида янада пасаймоқда.
Mail.ru акциялари эса Лондонда кечаги савдо фаолияти натижасида 3,9 фоиз қийматини бой берди.
«Сўнгги вақтларда пайдо бўлган Россия интернети ‘озодлигини чеклаш’ ҳақидаги гаплар соҳа сармоядорларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Россия ОАВлари капиталидаги хорижий сармоядорлар иштирокининг чекланиши борасидаги янгиликлар ҳам салбий вазият юзага келтирмоқда», — деди UFS IC сармоя компанияси таҳлилчиси Анна Милостонова.
Унинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси психологик омиллар бўлиб, улар интернет-компаниялар фалиятига ўз таъсирини ўтказмаслиги керак.
«Айни дамда энг кучли ва муҳим омиллардан бири шуки, мамлакатда иқтисодий фаоллик секинлашмоқда ва бу реклама бюджети қисқаришида намоён бўлмоқда. Оқибатда, рекламадан келувчи даромадлар камаяди», — деди Милостонова.
Изоҳ (0)