АҚШнинг машҳур нашрларидан бири Wall Street Journal Россия президенти Владимир Путин Хитойда энг таниқли хорижлик давлат арбобига айланганлиги тўғрисида мақола чоп этди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Мақолада қайд этилишича, хитойликлар Владимир Путин шахсига катта қизиқиш билдирмоқда. Россия етакчисининг таржимаи ҳоли сентябрь ойида Хитойда энг кўп сотилган китоблар ўнлигига кирган. Бу китоб муаллифи эса Путиннинг таржимаи ҳоли Барак Обама, Маргарет Тетчер ёки Нельсон Мандела ҳақидаги китобларидан кўп сотилаётганини таъкидлаган.
«Коммунизм оламидаги собиқ рақобатчилар ҳозир ўхшаш қарашларга эга, бу айниқса Ғарбга нисбатан сиёсатда яққол кўринади. Хитой аҳолиси Россиянинг Украина бўйича сиёсатини қўллашда энг юқори ўринлардан бирида туради: июль ойида бу кўрсаткич 66 фоизга чиққан. Си Цзиньпиннинг ҳам бошқарув усули тобора Путинникига ўхшаб бормоқда. Улар ўз давлатларининг аввалги қудратини тиклашни кўзлаётган бир авлод етакчиларидир», — дейилади мақолада.
АҚШнинг Огайо штатидаги Виттенберг университетининг Россия-Хитой муносабатлари бўйича эксперти Ю Биннинг фикрича, Хитой Ху Цзиньтаонинг 10 йиллик бошқарувидан кейин ўзига кучли етакчи изламоқда, шу аснода Хитой раҳбарияти Путиндан намуна олмоқчи.
Изоҳ (0)