Қашқадарё вилоятида 2013—2015 йилларда туризм соҳасини ривожлантиришга қарийб 102 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон раҳбарининг Қарши шаҳрини қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013—2015 йилларда Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Қаршини замонавий сайёҳлик шаҳрига айлантириш, «Китоб» темир йўл станциясини реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Яккабоғ туманининг Хўжаилғор қишлоғида Амир Темурнинг болалик йилларини акс эттирувчи музей ташкил этиш, Самарқанд-Шаҳрисабз автомагистрали бўйлаб замонавий кемпинглар, Миришкор туманидаги Ачинкўл сув ҳавзаси қирғоғида «Биологик буюртмахона» барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Вилоятда туризмни янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган дастурга асосан 30 та меҳмонхона қурилади. Айни пайтда фаолият олиб бораётган шундай масканларнинг бир қанчаси реконструкция қилинади. Қарши шаҳри, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва бошқа туманларда туризмни янада ривожлантириш чора-тадбирлари белгилаб олинган.
Бу ишлар доирасида сайёҳлик маҳсулотларини хориж бозорларига чиқариш, янги сайёҳлик йўналишлари очиш, туристик хизматлар сифатини янада ошириш кўзда тутилмоқда.
Китоб давлат геологик ҳамда Ҳисор қўриқхоналарига ташрифлар бўйича дастурлар тайёрлаш, Мингчинор қишлоғи ҳудудида тоғ чанғи базаси ва осма йўл бунёд этиш режалаштирилмоқда. VisitKashkadarya.uz портали имкониятларидан фойдаланган ҳолда Қашқадарёнинг сайёҳлик бренди ишлаб чиқилмоқда.
Вилоятда инфратузилма, яъни замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари кўпайиб, хизмат кўрсатиш сифати тобора яхшиланиб бораётгани бу ерга келувчи сайёҳлар сонининг ортишига замин яратмоқда.
Изоҳ (0)