Хитой Халқ Республикаси сўнгги кунларда Гонконг шаҳрида ўтказилаётган норозилик намойишларини бостириш борасида шаҳар ҳукумати томонидан олиб борилаётган ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда France-Presse агентлиги маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Биз мазкур муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилаётган Гонконг ҳукуматини қўллаб-қувватлаймиз. Биз Гонконгдаги ҳар қандай ноқонуний ҳаракатларга қаршимиз», — деб таъкидлади ХХР ТИВнинг расмий вакили Хуа Чуньин брифинг давомида.
Шанба куни Occupy Central («Централни эгалла») норозилик акцияси бошланиб, унда иштирок этганлар шаҳарнинг савдо марказини ўраб олди. Шунингдек, намойишчилар ҳукумат мажмуасига бостириб киришга ҳаракат қилди. Ҳукумат аҳолининг мазкур фаол қисмини тартибни бузганликда, намойишчилар эса ҳукуматни ҳаддан зиёд кўп куч ишлатганликда айбламоқда.
Маълумотларга кўра, полиция билан бўлган тўқнашувда камида 56 киши жабр кўрган. 89 нафар акция иштирокчиси жамоат жойларида безорилик қилиш ва ҳукумат бинолари ҳамда шаҳар кўчаларини ўраб олишда айбланиб, ҳибсга олинди.
Намойишчилар айни дамда етти миллион аҳоли истиқомат қилувчи Гонконгда ўрнатилган икки босқичли сайловлар ўрнига тўғридан-тўғри овоз бериш тизими йўлга қўйилишини талаб қилмоқда.
Алоҳида маъмурий туман ҳисобланган Сянган (Гонконг) маъмурияти раҳбари Лян Чженьин аввалроқ сайлов ислоҳотлари билан боғлиқ маслаҳатлашувларнинг янги раунди ўтказилишини маълум қилиб, акция иштирокчиларини «ноқонуний» намойишлардан тийилишга чақирди.
Изоҳ (0)