Афғонистондаги НАТО кучлари контингенти келажакда маслаҳатчи ва инструктор вазифаларини бажарувчи 1,2—1,4 минг ҳарбий билан чекланади. Бу ҳақда немис генерали Хан-Лотар Дормезенинг Die Welt газетасига берган интервьюсига таяниб, ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
Generalнинг сўзларига кўра, «ҳарбийларнинг аксарияти логистика, айниқса, тиббий таъминот ва ўзиникиларни ҳимоя қилиш тўғрисида қайғуради». «Яъни Resolute Support номли тайёргарлик (Афғонистон учун миллий кадрлар тайёрлаш) миссиясининг 1,2 минг ҳарбийлари орасида зарурият туғилганда халқаро ҳамжамият ҳарбийларини ҳимоя қиладиган жанговар қисмлар ҳам бўлади», — деди Дормезе.
Унинг маълум қилишича, «2014 йилги Рождество (декабрь сўнги)дан бошлаб ҳудудда қолиши мўлжалланган 1,2 минг ҳарбий бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилади». Мазкур миссияда 800 га яқин Германия ҳарбийлари иштирок этиши кутилмоқда. Улардан 200 нафари, шунингдек, Resolute Support миссиясининг бош қароргоҳи Қобулдан ўрин олади.
Бундан ташқари, 600 нафар германиялик солдат бошқа мамлакатларнинг 400 ҳарбий хизматчиси билан Мозори Шариф (Афғонистон шимоли) шаҳридаги минтақавий бош қароргоҳга жойлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш бўйича халқаро кучлар мандати жорий йил сўнгида тугайди. Бугун Афғонистон ҳукуматининг АҚШ ва НАТО билан хавфсизлик масалалари бўйича битим имзолаши режалаштирилган.
Изоҳ (0)