Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмида олиб борилаётган НАТО ва Украинанинг Sea Breeze («Денгиз уфури») машғулотларида иштирок этган Франция, Испания, Канада кемалари Ўртаер денгизи акваториясига қайтди. Бу ҳақда Россия ҳарбий денгиз флотининг Бош штаби маълумотига таяниб, Korrespondent.net хабар берди.
Нашрда қайд этилишича, НАТО кемалари Қора денгизни тарк этмоқда. Куни кеча Канаданинг «Торнто» ва Испаниянинг «Альмиранте Хуан Де Борбон» фрегатлари Ўртаер денгизига қайтди. Икки кун аввал Франциянинг «Коммендант Биро» корвети жанубий йўналишда ҳаракатланган.
Қора денгизга 21 сентябрь куни кирган Франция ҳарбий денгиз кучларининг радиоэлектрон разведкасига қарашли «Дюпюи де Лом» кемаси айни дамда денгиз ҳудудида, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Монтре конвенциясига кўра, Қора денгиз бўйида жойлашмаган давлатларнинг ҳарбий кемалари мазкур денгизда 21 кундан ортиқ қола олмайди. Шунингдек, уларнинг умумий оғирлиги 30 минг тоннадан ошиб кетмаслиги керак.
Аввалроқ Қора денгизда НАТО ҳарбий денгиз кучларининг PASSEX машғулотлари бошлангани хабар қилинган эди. Мазкур машқларда Буюк Британия, Германия, Греция, Испания, Италия, Голландия, АҚШ ва Туркиядан иборат НАТОнинг доимий ҳарбий денгиз кучлари, шунингдек, Болгария, Руминия ва Канада ҳарбий денгиз кучлари иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)