Америкалик ҳарбийлар АҚШга тегишли ҳаво ҳудуди яқинида Россиянинг стратегик бомбардимончилари ҳаракатини қайд этди. Бу ҳақда АҚШ Тинч океани қўмондонлиги раҳбари адмирал Сэмюэл Локлир ахборотига таяниб, «Европейская Правда» хабар бермоқда.
Америка маълумотларига кўра, Россиянинг Ту-95 бомбардимонсҳилари АҚШ ва Канада ҳаво ҳудудига яқинлашган. Натижада мазкур икки давлат бомбардимончиларни тутиш учун ўзининг қирувчи самолётларини йўналтирилишга мажбур бўлган.
Адмиралнинг айтишича, Россия бомбардимончилари томонидан амалга оширилган манёврлар совуқ уруш давридаги воқеаларни ёдга солмоқда.
«Биз ҳарбий сифатида бундай ҳаракатларни эътиборга олиб, уларнинг мамлакатимиз ва бутун минтақа хавфсизлиги учун нимани англатишини тушунишимиз лозим», — деди адмирал.
Ўтган ҳафта Россиянинг икки Су-24 бомбардимончиси Швеция ҳаво ҳудудига бузиб кирган эди. Бундан ташқари, Россия ҳарбий самолётлари томонидан Болтиқбўйи давлатларига тегишли ҳаво ҳудуди яқинида манёврлар олиб борилгани хабар қилинган.
Изоҳ (0)