Таниқли футболчи Дэвид Бекхэмнинг рафиқаси, Буюк Британиянинг Spice Girls поп-гуруҳининг собиқ аъзоси Виктория Бекхэм ОИТСга қарши курашиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (UNAIDS)нинг тинчлик элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Reuters’га таяниб «РИА Новости» хабар бермоқда.
Бекхэм Кейптаундаги ОИВ билан инфекцияланганлар клиникасига қилган ташрифидан сўнг одамларга, айниқса болаларга ёрдам беришга қарор қилганини айтган. Бу «ҳаётини ўзгартирган ташриф» бўлганини таъкидлаган.
«Мен 40 ёшимда аёл ва она сифатида ўзимда қандайдир масъулият борлигини тушундим. Мен кўплаб инсонлар қулоқ соладиган ўз овозимдан фойдаланмоқчиман», − деди Виктория БМТ Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган матбуот анжуманида. У БМТ элчиси сифатида ОИТСга қарши курашишга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида турли ташрифлар уюштиришни режалаштираётганини маълум қилган.
Изоҳ (0)