Ўзбекистон делегацияси Инчеон-2014’нинг яна бир медалига эга бўлди. Эркаклар ўртасида 105 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Сардорбек Дўсмуродов бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
Етти нафар спортчи орасида шахсий натижалар бўйича Сардорбекнинг натижаси энг пастларидан бири эди. Бу нарса даст кўтаришда ўз исботини топди. Дўсмуродов даст кўтаришда 170 килограмм натижа билан 6-ўринни эгаллаб турганди (учала уринишни муваффақиятли бажарди — 160, 165, 170 кг). Дастлабки машқдан кейин юқори бешликни эгаллаб турган атлетлар Ўзбекистон вакилидан камида 10 килограммга ўтиб кетганди.
Силтаб кўтариш баҳсига келиб, Сардорбек энг яхши натижани қайд этди. У иккинчи уринишдаёқ 221 килограммни ўзига бўйсундириб, рақибларининг натижасини кута бошлади. Бу орада ғолибликка даъвогар ҳисобланаётган Сергей Истомин (Қозоғистон) ва Наваб Носиршелал (Эрон) силтаб кўтаришнинг барча уринишларини муваффақиятсиз бажариб, Дўсмуродовга медаллар учун йўл очиб берди.
Силтаб кўтариш машқида Ўзбекистон мураббийлари ҳам тўғри тактика танлади. Айниқса, ироқлик спортчи силтаб кўтаришнинг биринчи уринишида 210 килограммни кўтариб, кейинги уринишларда 217 килограммни кўтара олмаганидан сўнг, ўзбекистонлик мураббийлар 221 килограммга буюртма берди.
Ўзбекистон атлети эса мазкур буюртмани муваффақиятли бажарди ва вазн бўйича ироқлик Аббуддан юқорига чиқиб олди. Сўнгги уринишда Ўзбекистон мураббийлари 228 килограммга буюртма берди. Агар Сардор ушбу тошни ҳам кўтарганида, кумуш медални қўлга киритарди.
Ушбу баҳсда чемпионлик 403 кг (186+217) кўтарган Хитой вакили Же Янгга насиб қилган бўлса, кумуш медалга 397 кг (182+215) натижа қайд этган кореялик Мин Чже Ким сазовор бўлди.
Изоҳ (0)