Интернетда Apple iPhone 6 смартфонлари осон букланиши ва қайрилиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ҳатто YouTube’га iPhone 6 смартфони қўл билан қайириб кўрсатилган видео ҳам жойланди. Аммо iPhone 6 смартфоналари ростдан ҳам шунчалик осон букланувчанми, деган савол туғилади.
The Verge ходимлари ҳам ушбу савол юзасидан изланиш олиб боришди ва Apple уларни ўзининг iPhone 6 смартфонлари синовдан ўтказиладиган ҳудудга олиб кирди. Аслида бу жойга бегоналар деярли умуман киритилмайди. Нашрнинг таъкидлашича, охирги марта 2010 йил, iPhone 4 смартфони билан муаммо чиққанда, Apple бир нечта ОАВ ходимларини компаниянинг синов биносига олиб кирган экан.
Apple компаниясининг бутун жаҳон маркетинг бўлим бошлиғи катта ўринбосари Фил Шиллер iPhone 6 синовдан ўтказилиш жараёни ҳақида маълумотлар берди. Унинг сўзларига кўра, iPhone 6 смартфони юзлаб синовдан ўтказилган, минглаб Apple ходимларининг чўнтагида синалган. Шунингдек, Apple маҳсулотларига янги функциялар, хусусиятларни қўшар экан, унинг камчиликларини фойдаланувчилардан олдин компаниянинг ўзи топиши керак.
Apple айнан iPhone 6 смартфонлари устида бошқа маҳсулотларига нисбатан жуда кўп синов ўтказган. Бунда ўттиз минг дона iPhone 6 смартфони турли хил синовлардан ўтказилган.
Apple’нинг iPhone 6 устида ўтказган синовларидан бири бу буклаш бўлиб, смартфон устига оғир юк қўйилади ва 25 кг вазндаги куч билан босилади. Фил Шиллернинг таъкидлашича, маълум бир миқдордаги куч таъсирида нафақат iPhone, балки исталган телефон ҳам синиб кетади.
iPhone 6 смартфонлари чўнтак синовларидан ҳам ўтади. Ушбу синов шунчаки чўнтакда синаш билан эмас, одамларнинг турли хил жойларда – юмшоқ ўриндиқлар, қаттиқ жойлар, маълум бурчак остидаги ўриндиқларда ўтирган ҳолатларида ўтказилади.
Кейинги синов эса iPhone 6 смартфонини қайириш устида бўлиб ўтади. Apple’нинг ҳар бир гаджети минг марта ушбу синовдан ўтказилган.
«Пароль» нашри Apple iPhone 6 Plus смартфонини ғалати синовлардан ўтказаётган ёки «қийнаётган» Ричард Раяннинг жами олти қисмли видеоларини тақдим этмоқда. Унда видео муаллифи iPhone 6 Plus планшетофонини музлатиб, болға билан уриб кўрган, аввал сувга, кейин эса бетонга ташлаган, миксерда аралаштирган, милтиқдан ўққа тутган ва 3000 даража иссиқликдаги оловда ёндирган эди. Унинг видеоларидан ҳам кўриш мумкинки, iPhone 6 смартфонларида етарли даражада мустаҳкам метал ишлатилган.
Apple iPhone 6 смартфонларини буклаш ва қайириш синовларидан ўтказиши тасвирланган барча суратларни «Пароль» нашрининг ушбу мақоласида томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)