Жиззах вилояти ҳудудидан ўтган Ўзбекистон миллий автомагистралини реконструкция қилиш, йўл бўйида замонавий транспорт-коммуникация иншоотлари, сервис хизмати кўрсатиш шохобчалари барпо этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳайдовчи ва йўловчиларга қўшимча қулайлик яратмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Автомагистралнинг Пахтакор тумани ҳудудидан ўтган қисмида иш бошлаган 300 овқатланиш ўрнига эга «Самарқанд» савдо мажмуаси аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. «Чашма томчи» масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган иншоотда ҳайдовчи ва йўловчилар учун барча шароитлар яратилган. Ёқилғи қуйиш, техник хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари тун-у кун ишлаб турибди. Ушбу мажмуа Тошкент — Самарқанд шаҳарлари оралиғидаги энг кўркам дам олиш маскани деб эътироф этилмоқда.
«Президентимиз раҳнамолигида йўл қурилиши ва инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди «Жиззахавтойўл» йўллардан фойдаланиш ҳудудий ташкилоти раҳбари Рустам Холиқов. – Йўлнинг равонлиги, транспорт ўтказиш қувватининг юқорилигидан ташқари, автомобилларга ёқилғи қуйиш, техник хизмат кўрсатиш, йўловчиларнинг дам олиш, овқатланиш ва бошқа зарур эҳтиёжларини таъминлаш доимий эътиборда».
Кейинги йилларда Ўзбекистон миллий автомагистралининг вилоят ҳудудидан ўтган қисмида 20 дан зиёд ана шундай иншоотлар қурилди. Йўлларнинг обод этилиши билан бирга, қишлоқ жойлари инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда.
Изоҳ (0)