Навоий вилояти Давлат божхона бошқармасининг контрабандага қарши кураш бўйича бўлими Ford русумли автомобилни тўхтатиб, уни кўздан кечирди. Тезкор тадбирлар доирасида амалга оширилган мазкур назоратда 1800 литрга тенг дизель ёқилғиси топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Юк эгаси ёқилғини тегишли ҳужжатларсиз қўшни республикага контрабанда йўли билан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти Давлат божхона бошқармасининг «С. Нажимов» божхона пости ходимлари чегарадош давлат фуқароси бошқараётган «Камаз» транспорт воситасини текшириб, 800 литр дизель ёқилғисининг ноқонуний олиб чиқиб кетилиши олдини олди. Тергов жараёнида юк эгаси ёқилғини сотиш орқали бойиб кетишни мўлжаллагани аниқланди.
Сурхандарё вилояти Давлат божхона бошқармасининг «Сариосиё» чегара божхона мажмуаси ходимлари Volvo автомобилини кўздан кечириб, транспорт воситасидан 400 литрга тенг дизель ёқилғисини топди ва уни олиб қўйди. Дастлабки тергов натижасида юкнинг эгаси Туркия фуқароси эканлиги ва унда тегишли ҳужжатлар йўқлиги аниқланди.
Юқорида келтирилган қонунбузарликлар бўйича божхона тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)