Ашхободдаги хиёбонда Туркманистоннинг собиқ президенти Сапармурот Ниёзов (Туркманбоши)нинг онаси – Гурбансултон-Эжега қўйилган ҳайкал олиб ташланди. Бу ҳақда «РИА Новости»га таяниб «Туркманистон хроникалари» хабар бермоқда.
Агентлик хабарига кўра, ҳайкал боғ ҳудудини реконструкция қилиш мақсадида олиб ташланган. Аввалроқ худди шу хиёбонда жойлашган биринчи президентнинг отаси Отамурот Ниёзовнинг ҳайкали ҳам олиб ташланган эди.
Гурбансултон-Эже 1948 йилдаги Ашхобод зилзиласида ҳалок бўлган. Ниёзов президентлиги даврида унга «Туркманистон қаҳрамони» унвони берилган, апрель ойи президент онасининг исмига ўзгартирилган. Йиланли шаҳри ҳам унинг номи билан аталган. 2003 йил Туркманистонда Гурбансултон-Эже йили деб эълон қилинган.
Ниёзовнинг вафотидан сўнг ҳокимият тепасига Гурбангули Бердимуҳаммедов келгач, аввалги президент шахсига қизиқиш камайди. Шу аснода 1996 йилда жорий этилган «Гурбансултон-Эже» ордени тугатилиб, ўрнига «Аёл қалби» ордени таъсис этилди. Шунингдек, юқоридаги ўзгаришлар ҳам аввалги ҳолатига қайтарилди.
Эндиликда Туркманистон пойтахтида Ниёзовнинг онаси шарафига қўйилган биргина ҳайкал қолган бўлиб, у шаҳар марказида – Адолат саройи олдида жойлашган.
Изоҳ (0)