Ислом динининг 5-рукнини адо этиш учун Мадинаи мунавварага етиб келган Ўзбекистон вакиллари бу ердаги зиёратларини адо этиб, муқаддас шаҳар — Маккаи мукаррама сари йўлга чиқмоқда. Улар Мадинада эҳром боғлаб, «Зулҳулайфа» номли жойда ният қилган ҳолда талбия айтиб, махсус тайёрланган автобусларда Маккага жўнамоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита.
Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари Маккадаги «Аброж маса Муҳаммадия» меҳмонхонасига келиб тушди. Бу ерда уларни ишчи гуруҳ вакиллари кутиб олиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган хоналарга жойлаштирди.
Меҳмонхонада эркаклар ва аёллар учун алоҳида тиббиёт марказлари тун-у кун ишлаб турибди. Биринчи тиббий ёрдамни шу ернинг ўзида кўрсатиш имконияти тўла таъминланган. Ҳар бир хонада кондиционер, музлатгич, алоҳида ювиниш хоналари мавжуд. Телевизорлар орқали эса «Ўзбекистон» телеканали кўрсатувлари йўлга қўйилган. Ошпазлар миллий таомлар пишириб бермоқда.
Ушбу мўътабар шаҳардаги кўплаб ташриф буюрувчилар орасида зиёратчиларнинг адашиб қолмасликлари учун кўкрак нишонлари, махсус тикилган нимчалар ва қўл тасмалари ўзининг нақадар фойдали эканини тасдиқламоқда. Чунки ушбу белгилар бутун мусулмон умматига маълум ва машҳур бўлган Бухоро, Самарқанд, Тошкент каби шаҳарлардан эканини таъкидлаб туради.
Изоҳ (0)