Куни кеча Тошкентдан замонавий «Боинг» русумли авиалайнерларда учган Ўзбекистон зиёратчиларининг дастлабки гуруҳлари Мадинага етиб келиб, «Масжиди Набавий»нинг ёнгинасидаги меҳмонхонага жойлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар бермоқда.
Зиёратчиларни ишчи гуруҳ вакиллари кутиб олиб, улар учун тайёрланган хоналарга жойлаштирди.
Меҳмонхоналарда барча шароитлар муҳайё қилинган: ҳожиларнинг соғлиқлари мунтазам равишда тиббиёт ходимларининг назоратида бўлиб, меҳмонхонанинг ўзида Тиббиёт маркази, унинг қошида кундузги стационар хоналари ташкил этилган.
Ҳатто жиддий текширув ва муолажалар учун Мадинадаги шифохоналар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилган ва буларнинг барчаси зиёратчилар учун бепул ҳисобланади.
Ўзбекистондан келган ошпазлар эса миллий таомларни ҳозирламоқда. Имом Бухорий, Имом Термизийдек буюк алломалар етишиб чиққан юртнинг фарзанди эканини билдирувчи маълумот битилган махсус кўкрак нишони ҳамда барча учун бир хилда тикилган кийимлар зиёратчиларнинг минглаб ҳожилар орасида ўзбекистонлик эканини алоҳида ажратиб туради.
Изоҳ (0)