Теннис бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Осиё ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди, деб хабар бермоқда Stadion.uz.
Истомин бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси нимчорак финалда Саудия Арабистонини 3:0, чорак финалда кучли ҳисобланган Жанубий Кореяни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди. Бугун эса Ўзбекистон ярим финалда Қозоғистонга қарши муросасиз баҳс олиб борди.
Дастлабки кортга Фаррух Дўстов ва Александр Недовесов чиқди. Унда қозоғистонлик теннисчи икки сетда ғалаба қозонди (6:3, 6:4).
Иккинчи ўйинда эса Денис Истомин Михаил Кукушкинни уч сетда мағлубиятга учратди — 4:6, 6:3, 6:4.
Жуфтликлар ўртасидаги баҳс ҳам уч сет давом этди. Биринчи сет тай-бреккача давом этди ва унда Истомин/Дўстов 7:4 ҳисоби билан зафар қучди. Иккинчи сетда эса 7:5 ҳисобида Голубев/Недовесов жуфтлиги ғалаба қозонди. Учинчи сетнинг бошида бой берилган гейм Ўзбекистон вакилларига қимматга тушди — 4:6.
Шу тариқа, Қозоғистон финалга чиққан бўлса, Ўзбекистон делегацияси ҳисобида бронза медаллар сони бештага етди.
Изоҳ (0)