Каталония парламенти аҳоли ўртасида сўровнома ўтказиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу эса 9 ноябрь куни Испания автоном вилоятининг суверенитети бўйича норасмий референдум ташкил этиш учун юридик асос вазифасини ўташи мумкин. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.
106 нафар депутат қонунни ёқлаб, 28 нафари унга қарши овоз берган.
Мадрид мазкур ташаббусни ноқонуний деб топди. Маҳаллий ҳукумат эса марказни демократияга ҳурмат кўрсатишга чақирмоқда.
«Испания Бош вазири Мариано Рахой ўзини Дэвид Кэмерондек тутиши лозим. Мен унинг сўровнома ўтказишга қаршилик қилиш ўрнига, рухсат бериши кераклигини назарда тутяпман», — деди Каталония миллий ассамблеяси раҳбари Карме Форкадель.
Каталониядаги консерватив Халқ партияси етакчиси Алиса Санчес Камачо минтақавий парламентдаги овоз бериш кунига «демократия ва барча испанлар учун қайғули кун» деб ном берди. «Каталонияликлардан Испаниянинг қолган қисмидан ажралишни хоҳлаш-хоҳламасликларини сўраган ҳолда ноқонуний референдум ўтказиш учун бугун Конституцияга мутлақ зид бўлган қонун қабул қилинди», — деди Алиса Санчес.
Ўз навбатида, Каталония ҳукумати раҳбари Артур Мас ўзининг «бахтли» эканлигини яширмади. Унинг фикрича, қабул қилинган қонун суверенитет томон ҳаракатланишни бошлаб беради.
Умумий ҳисобда референдум ўтказишга Испаниядаги энг бой туманнинг 80 фоизга яқин аҳолиси хайрихоҳлик билдирмоқда.
Изоҳ (0)