Ўзбекистон спорт делегацияси XVII Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрига етиб келди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Осиё ўйинларининг спорт шаҳарчасида қитъанинг 45 мамлакати спорт делегациялари жойлашди. Шаҳарча янги бунёд этилган 22 қаватли турар жой бинолари ва 15 минг кишилик 2,2 минг квартирани ўз ичига олган уч кварталдан иборат.
Осиё ўйинларини юқори савияда ўтказиш мақсадида Инчеон шаҳрида қатор спорт объектлари, жумладан, олтита спорт майдони, Аква-марказ, волейбол зали ва теннис мажмуаси, спорт саройи ва марказий стадион барпо этилган. Марказий стадионда XVII Осиё ўйинларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон спорт делегацияси энг катта делегациялардан биридир. Улар орасида дзюдочи Ришод Собиров, боксчи Ойбек Мамазулунов, енгил атлетикачи Светлана Радзивилл, теннисчи Денис Истомин, оғир атлетикачи Улуғбек Алимов ва Руслан Нурудинов каби машҳур спортчилар бор.
18 сентябрь куни спорт шаҳарчасининг расмий, маданий, тантанали тадбирлар ўтказиладиган майдонида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграб, давлат байроғи кўтарилди.
Инчеон шаҳридаги XVII Осиё ўйинларида қитъанинг энг сара спортчилари 50 спорт тури бўйича ўзаро беллашади. Ўзбекистонлик 300 нафарга яқин спортчи бокс, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш, слалом, енгил атлетика, сузиш, синхрон сузиш, сув полоси, бадиий ва спорт гимнастикаси, трамполин, ўқ отиш, теннис, таэквондо (WTF), велоспорт, футбол каби спортнинг 32 тури бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)