«Алоқабанк» акциядорлик компанияси кенгаши 2014 йил 20 сентябрь куни банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилишини маълум қилди. Йиғилиш Миробод туманидаги компаниянинг мажлислар залида соат 09:00 да бошланади. Бу ҳақда «Алоқабанк» ахборот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда «Алоқабанк» АК акциядорлари навбатдан ташқари мажлисининг регламенти тасдиқланиб, Universal Mobile Systems масъулияти чекланган жамиятга кредит бериш масаласи кўриб чиқилади.
«Алоқабанк» акциядорлик компанияси кенгашининг 2014 йил 10 сентябрдаги қарорига мувофиқ, навбатдан ташқари мажлисда иштирок этиш ҳуқуқига эга акциядорлар рўйхати 2014 йил 16 сентябрь ҳолатидан келиб чиқиб тузилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «МТС» компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан муроса битими имзолагани, Ўзбекистонда янги қўшма корхона — Universal Mobile Systems ташкил этиши, корхонанинг 50,01 фоизи «МТС»га, 49,99 фоизи эса Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлиши ҳақида хабар берилган эди.
UMS’ни рўйхатга олиш ишлари 25 сентябрга қадар тугалланиши кутилаётгани маълум қилинган эди. Бундан ташқари, қўшма корхонанинг 1 ноябрга қадар техник, 1 декабргача эса тижорий эксплуатацияни амалга ошириши режалаштирилган.
Изоҳ (0)