Исроилда литвалик скрипкачи Наоми Элишувнинг мияси операция қилинди. Шифокорларнинг айтишича, операция вақтида Наомининг ҳуши ўзида бўлган ва у скрипкада Моцарт асарларидан бирини ижро қилган. Бу ҳақда пайшанба куни Spiegel журнали берган маълумотга таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Скрипкачи 20 йилдан бери қўл тремори (қалтираш) касаллиги билан оғриб келган. Бу эса Наомининг ҳаётини қийинлаштириб, скрипка чалишига ҳалал берган. Исроилда операция қилинган скрипкачига маҳаллий наркоз (бирор аъзонинг ўзигагина бериладиган наркоз) таъсирида бош суяги косасидаги кичик тешик орқали узунлиги 1,3 миллиметрга тенг мия электростимулятори ўрнатилган.
«Стимуляторни ўрнатиш учун бизга мижоз томондан фаол ҳамкорлик кўрсатилиши керак эди. Шунинг учун биз ундан скрипка чалишини илтимос қилдик. Биз электродни керакли жойда ишга туширганимизда, Элишув Моцарт асарини катта иштиёқ билан, бироқ энди қалтирашсиз ижро этди», — деди тажрибали нейрохирург Ицхак Фрид.
Шифокорларнинг маълум қилишича, энди Наоми Элишув мухлислар қаршисида яна скрипка чалиши мумкин.
Маълумот учун, мия операциясини умумий наркоз бермай ўтказиш кўпайиб бормоқда. Бунда шифокор операция давомида миядаги муҳим аъзоларнинг фаолиятини кузатиш имконига эга бўлиб, бунда бош миянинг кулранг моддаси (марказий асаб тизимининг асосий бўлаги) оғриқни сезмайди.
Изоҳ (0)