Тошкент шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида эркин кураш бўйича мусобақалар ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Мазкур мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб борган спортчилар орасида Олимпиада ўйинлари ҳамда жаҳон ва қитъавий чемпионатлар ғолиб ва совриндорлари кўпчиликни ташкил этди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир беллашувни янада муросасиз ўтишини таъминлади.
Саккиз вазн тоифасида ўтказилган беллашувлар якунларига кўра, совриндор бўлган спортчилар орасидан ўзбекистонлик Бекзод Абдураҳмонов (-70 кг) ҳам ўрин эгаллади. Эслатиб ўтамиз, Бекзод чемпионатнинг бронза медалига сазовор бўлган.
Эркин кураш бўйича бўлиб ўтган мусобақаларда бешта олтин ва битта бронза медалга сазовор бўлган Россия терма жамоаси 62 очко жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни банд этди. Эрон терма жамоаси 45 очко билан иккинчи, туркиялик спортчилар 41 очко жамғарган ҳолда учинчи ўринни эгаллади. Эркин кураш мусобақаларида жами 14 давлат вакиллари совринли ўринларга сазовор бўлди.
Бугун аёллар кураши бўйича баҳслар бошланди. Биринчи кун 48 килограмм, 55 килограмм, 60 килограмм, 69 килограмм вазн тоифаларида саралаш ҳамда финал мусобақалари ўтказилади.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини Даулетбике Якшимуратова (-48 кг), Севара Эшмуратова (-55 кг), Саломат Кучимова (-60 кг) ва Азиза Султонмуродова (-69 кг) ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)