Ақлли телефонлар, соатлар, уйлар ва бошқа буюмлар мавжуд. Эндиликда эса, ақлли сумка ҳам ишлаб чиқарилди. У Phorce деб номланади ва ноутбук, планшет, смартфон каби гаджетларни қувватлай олади. Бу ҳақда ақлли сумканинг расмий сайтидаги маълумотларга асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Гаджетларни олиб юриш ва уларни зарядлаш учун мўлжалланган ушбу сумкадаги заряд миқдори 14 та iPhone 5s смартфонини тўлиқ қувватлашга етади.
Ақлли сумкани уч хил кўринишда тақиб юриш мумкин. Унда ҳар бир – ноутбук, планшет ва смартфон гаджетлари учун алоҳида жойлар ажратилган. Унинг ичида аккумулятор мавжуд ва ундаги учта USB-порт орқали барча гаджетларни зарядласа бўлади.
Phorce ақлли сумкасининг Android ва iOS учун мўлжалланган бепул дастури бор. У орқали сумка тўлиқ ёки неча фоизи қувватланганини билиш мумкин. Агар сумкани йўқотиб қўйсангиз ёки ундан узоқлашсангиз, сумка сизга хабар жўнатади.
Ақлли сумка сув ўтказмас, қўлдан тушиб кетганда гаджетларни ҳимоя қила олувчи ва гаджет дисплейларини тоза сақловчи материаллардан қилинган. Уни кичикроқ ёки каттароқ қилиш ҳам мумкин.
Phorce сумкасининг Mac компьютерлари учун мўлжалланган тури 775 доллар, бошқа ноутбуклар учун мўлжалланган тури эса тахминан 700 доллардан сотилади.
Изоҳ (0)