2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга имзо чекди. Мазкур ҳужжат асосида Жиноят Кодексига банкротлик билан боғлиқ янги жиноят киритилди, деб хабар бермоқда Xushnudbek.uz.
Мазкур қўшимчага биноан, эндиликда қасддан банкротликка олиб келиш жиноий ҳаракат сифатида баҳоланади. Бу ҳақида Жиноят Кодексига янги 181-1-модда (прим бир) киритилди.
Унга кўра, якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Кодексга киритилган ўзгартириш бўйича, агарда етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, худди шу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам қасддан банкротликка олиб келиш билан боғлиқ янги модда киритилди. Яъни агарда қасддан бакротликка олиб келиш билан боғлиқ ҳаракатлар натижасида кредиторларга етказилган зарар миқдори кўп миқдордан кам бўлса (32 млн. сўмдан), унда жиноий эмас, балки маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бундай ҳолатда жавобгар ҳисобланган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.
Мазкур ўзгартиришларга доир батафсил маълумотлар билан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг сайтида танишишингиз мумкин.
Изоҳ (0)