5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2014 йил биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг бажарилиши билан боғлиқ ҳисобот кўриб чиқилди. Бу ҳақда UzReport ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қўмита раиси Б. Иминов томонидан бошқарилган мажлисда депутатлар, вазирликлар ва қўмиталар раҳбар ва мутахассислари, ОАВлари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда 2014 йил учун тузилган иқтисодий дастурнинг асосий йўналишларини ва иқтисодиётни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа дастурларни амалга ошириш жорий йилнинг илк олти ойида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг юқори ўсиш даражасини сақлаб қолишга хизмат қилгани таъкидланди.
Хусусан, 2014 йил биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот 8,1 фоизга ўсган. Инфляция даражаси эса қилинган прогнозлардан ошмаган.
Ҳисоботда маълум қилинишича, белгиланган вақт мобайнида машинасозлик ва металл ишлаб чиқариш (ўсиш суръати 117,1 фоиз), қурилиш хом-ашёси саноати (113,1 фоиз), енгил саноат (112,7 фоиз), пахтани қайта ишлаш (122,1 фоиз) трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш (122,3 фоиз), тикувчилик (113,6 фоиз), тиббиёт (112,8 фоиз), қора металлургия (110,3 фоиз) ва озиқ-овқат саноати (107,0 фоиз) каби соҳаларда катта ўсиш кузатилган.
Иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари макроиқтисодий барқарорлик билан таъминланиб, ташқи савдо айирбошлаш нархи 482,1 миллион долларга тенг бўлгани маълум қилинди. Ҳисобот берилган давр мобайнида 506,4 мингдан зиёд, шу жумладан, қишлоқ жойларда 303,2 минг янги иш ўрни яратилган.
2014 йил биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари ЯИМга нисбатан 24,1 фоизни, харажатлар эса 24,0 фоизни ташкил этиб, Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоизлик профицит билан бажарилгани қайд этилди.
Шунингдек, мажлисда ҳисобот берилган даврда асосий эътибор Давлат бюджетининг ижтимоий йўналишлари ҳисобланган таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга берилгани таъкидланди.
Бундан ташқари, йиғилишда Давлат Солиқ ва Божхона қўмиталари, «Ўзкимёсаноат» компанияси ва «Ўзпахтасаноат» иттифоқи жавобгар раҳбарларининг бюджетга вақтида тўланмаган солиқ борасидаги маълумоти тингланди.
Мажлис сўнгида кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг керакли қарорлари қабул қилинди.
Изоҳ (0)