Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши ва «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан ташкил этилган «Ёш сиёсатчи – 2014» республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан фаол ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Х.Кетмонов ва бошқалар Президент раҳнамолигида Ўзбекистон келажагининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.
Жорий йилда кўрик-танлов «Мен Ватаним равнақига ҳисса қўшмоқчиман!» шиори остида ўтказилди. Унинг ҳудудий босқичларида 14 мингдан ортиқ ўғил-қиз иштирок этиб, улардан 15 нафари якуний босқичда қатнашиш учун саралаб олинди. Кўрик-танлов якуний босқичининг уч кунлик дастури давомида улар нафақат тажриба алмашиш, ташаббус ва ғояларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди, балки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
«Ёш сиёсатчи — 2014» республика кўрик-танловининг якуний босқичи натижаларига кўра, Термиз давлат университетининг тарих факультети талабаси Сардор Азимов биринчи, Бухоро иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Зуфаржон Музаффаров иккинчи, Тошкент давлат аграр университети талабаси Нуршод Рамазонов учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Жорий йилда кўрик-танловда тақдим этилган лойиҳаларни амалга ошириш асосида қарийб 880 иш ўрни ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)