2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга имзо чекди. Мазкур ҳужжат асосида, тўққизта Кодекс, 19 та Қонун ва битта Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар берди Xushnudbek.uz.
Жумладан, Жиноят кодексининг «Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш» деб номланган 228-1-моддасига (прим бир) ўзгартиш киритилди.228-1-модда биринчи қисми санкциясининг ўзбекча матнидаги «озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар «қамоқ» деган сўз билан алмаштирилди.
Модданинг олдинги таҳририда ғаразгўйлик ёки бошқа шахсий манфаатларни кўзлаб, давлат проба тамғасини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки ундан фойдаланиш, шунингдек, уни қалбакилаштириш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейилган эди.
Аммо Жиноят кодексининг 50-моддасига кўра, озодликдан маҳрум қилиш олти ойдан йигирма йилгача муддатга белгиланади. Мазкур моддадаги «олти ойгача» деган жумла, озодликдан маҳрум қилишга эмас, балки қамоқ жазосига таалуқлидир.
Жиноят кодексининг 48-моддасига асосан, қамоқ — шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлиб, бир ойдан олти ойгача муддатга белгиланади.
Мазкур ўзгартиришга оид батафсил маълумот билан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг сайтида танишишингиз мумкин.
Изоҳ (0)