15 сентябрь куни Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида старт оладиган Осиё Ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 4 сентябрь куни Тошкентда Иордания миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар берди.
Терма жамоалар таркиби:
Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Егор Кримец, Ислом Тўхтахўжаев, Даврон Ҳошимов (Воҳид Шодиев, 73), Владимр Козак, Азамат Исроилов (Салим Мустафоев, 55), Фозил Мусаев (Акбар Исматуллаев, 69), (Дилшод Жўраев, 86), Сардор Рашидов, Жамшид Искандеров (Бобур Йўлдошев, 73), Фарҳод Тожиев (Наврўз Алимов, 46), Игор Сергеев.Иордания: Амир Шафи, Халил Баниат, Шади Наоми, Удаи Саифи, Моҳд Дмейри, Удай Заҳрон, Аҳмад Ҳаёл, Баҳо Абдулраҳмон, Монтезр Амара, Саид Ҳасан, Анас Яссин.
Ўйиннинг дастлабки дақиқаларида устунлик Миржалол Қосимов шогирдлари тарафарида бўлди. Биринчи бўлимда бир қатор хавфли вазиятлар яратилган бўлса ҳам, ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлимни анча фаол бошлаган Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари 58-дақиқага келиб ҳисобни очишди. Рашидовнинг жарима зарбасини иорданияликлар дарвозабони қайтарди, аммо қайтган тўпни Игор Сергеев дарвозага жойлаб қўйди. Учрашувга ҳакам томонидан қўшиб берилган учинчи дақиқа ўтиб бораётган вақтда Дилшод Жўраев Иордания терма жамоаси дарвозасини ишғол қилиб учрашувга нуқта қўйди. Ўйин 2:0 ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси фойдасига ҳал бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида Янги Зеландия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Миллий терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов Янги Зеландияга қарши ўйинда бошқача таркиб майдонга тушишини, айтиб ўтган.
Изоҳ (0)