«Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компанияси вакилларидан бирининг маълум қилишича, компания 2015 йилда мамлакатнинг марказий қисмидаги Мароқанд — Навоий — Бухоро йўналишини электрлаштириш ишларига киришади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 672 миллион долларни ташкил этади. Бу ҳақда «Новий Век» газетаси хабар бермоқда.
2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида лойиҳани техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва молиялаштиришни бошлаш режалаштирилмоқда. Жами 232 километрдан иборат ҳудудни электрлаштириш ва қуриш лойиҳаси мазкур йўналишда қатнов даражасини деярли 40 фоизга ошириш имконини беради. Лойиҳа беш йил мобайнида амалга оширилади.
Лойиҳа халқаро молия институтлари томонидан бериладиган кредитлар ва Ўзбекистон ажратадиган маблағ ҳисобидан молиялаштирилади.
Бундан аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» қиймати 960 миллион доллар, умумий узунлиги эса 715 километрга тенг уч йўналишни 2019 йилга қадар электрлаштириши ҳақида маълум қилинган эди. Мазкур лойиҳалар амалга оширилгач, Ўзбекистонда электрлаштирилган темир йўллар улуши 2016 йилда 36 фоиздан 42 фоизга кўтарилади.
Изоҳ (0)