АҚШ Болтиқбўйи давлатларида эгаллаган ўрнини самолётлар, танк ва ҳарбийларни кўпайтириш орқали кенгайтиришни режалаштирмоқда, деб хабар берди Euronews.
Эстонияда сафарда бўлиб турган Барак Обама Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини танқид қилиб, НАТО’нинг Шарқий Европадаги аъзо давлатлари хавфсизлигини таъминлашга кафолат берди. «Алданиб қолманг. Россия содир бўлаётган воқеалар жавобини олмоқда. Пул мазкур мамлакатдан қочмоқда; хорижий сармоялар эса кам киритилмоқда, негаки сармоядорлар бугунги Россия маблағ киритиш учун нотўғри танлов эканлигини тушуниб етди», — деди АҚШ президенти.
Обама ўз нутқида халқаро ҳамжамиятни Украинага «янги келажак» учун иқтисодий ёрдам беришга чорлади. У муаммони ҳал қилиш йўлларидан бири энергия ресурсларининг турли усулда етказиб берилишини таъминлаш эканлигини айтди. «Ҳеч қайси мамлакат энергиядан қурол сифатида фойдаланаётган бошқа бир давлатга қарам бўлиб қолиши керак эмас», — деб қайд этди АҚШ раҳбари.
У Путин ва Порошенконинг Украина шарқида ўқ отишни тўхтатиш борасида эришган битимига ишончсизлик билан қаради. «Биз Уэльсда президент Порошенко билан ҳамкор сифатида учрашамиз. Унда 28 мамлакат биргаликда Украина суверенитети ва унинг ҳудуди мудофааси борасидаги ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини намоён қиламиз», — деди Обама.
АҚШ президенти ўз нутқида Россияни озодлик ва демократия йўлидан боришга чорлаб, Ғарб давлатлари киритган санкциялар Россия халқига қарши қаратилмаганини таъкидлади.
Изоҳ (0)