АҚШ ҳукумати 13—26 сентябрь кунлари Украинада ўтказиладиган Rapid Trident («Тезкор найза») машғулотларига 200 га яқин ҳарбийни жўнатади. Пентагон матбуот котиби Стивен Уорреннинг айтишича, бу ерда гап Италиядаги 173-пиёда қўшин дивизияси ҳарбийлари ҳақида кетмоқда, деб хабар берди Korrespondent.net.
АҚШ ҳарбий муассасасида маълум қилинишича, бу машғулотлар НАТО ташкилоти аъзоси бўлмаган Украинага ҳамдардлик билдириш мақсадида олиб борилади. Пентагон матбуот котибининг сўзларига кўра, машғулотлар тинчлик ўрнатишга қаратилган бўлиб, уларда жанговар патронлардан ўқ узилмайди. Машғулотларда асосий эътибор операциялар, патрул, колонналарни кузатиб бориш, шунингдек, портловчи қурилмаларни хавфсизлантиришга қаратилади.
Нашрнинг таъкидлашича, америкалик ҳарбийлар Украина шарқида можаро бошлангандан бери бу мамлакатга келмаган.
АҚШ Давлат департаменти вакили Жен Псаки Rapid Trident машғулотлари Украина воқеалари билан боғлиқ эмаслигини қайд этди. «Бу ҳар йилги машғулотлар бўлиб, улар ҳозирги воқеаларга жавоб тариқасида ўтказилмаяпти», — деди Псаки.
Маълумот учун, Rapid Trident машғулотларида НАТОга аъзо давлатлар билан биргаликда жами 15 мамлакатдан мингга яқин ҳарбий иштирок этади.
Изоҳ (0)