Ҳиндистон президенти Пранаб Мукержи Тошкент давлат шарқшунослик институти Жанубий Осиё тиллари кафедраси профессори А. Шаматовни Жорж Грирсон номидаги халқаро мукофот билан тақдирлади. Бу ҳақда UzReport ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тақдирлаш маросимида А. Шаматовнинг ҳинд тилини хорижда тарқалишига кўмаклашаётган катта олимлардан бири эканлиги таъкидланди. Тадбирда, шунингдек, олимнинг Ҳиндистондаги жанубий штатлар аҳолиси орасида тарқалган «дакхини» номли ҳинд тилининг бир турини ўрганиш бўйича олиб борган ишлари алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун, ўзбек олими Шаматов ҳинд тилларидан ташқари, рус, инглиз, урду, панжоб, форс ва тожик тилларини мукаммал даражада билади. У бир қанча илмий ишларга муаллифлик қилган.
Доктор Жорж Грирсон номидаги халқаро мукофот 1989 йилда Ҳинд тилини ўрганиш бўйича Марказий институт ташаббуси билан Ҳиндистон ҳукумати томонидан таъсис этилган. Мукофот кўплаб йиллар мобайнида тилларни, ҳинд тили диалектлари ва адабиётини ўрганиш билан шуғулланган британиялик ҳиндшунос Жорж Абраҳам Грирсон (1851—1941) шарафига номланган.
Изоҳ (0)