Ўзбекистон Марказий банки томонидан мобил дастурлар ишлаб чиқувчи Global Solutions компанияси билан ҳамкорликда Central Bank of Uzbekistan мобил дастури яратилиб, кўчириб олиш учун Google Play’га жойланди. Бу ҳақда InfoCom.uz хабар бермоқда.
Дастур Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолиятини ахборот билан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва автоматлаштиришга мўлжалланган бўлиб, фойдаланувчиларга Марказий банкнинг интернетдаги оммабоп ахборот ресурсларидан фойдаланиш имконини беради.
Шунингдек, дастур орқали янги маълумотлардан, жумладан, валюта курсларидан бохабар бўлиш мумкин. Мобил дастур ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлиб, маълумотнома кўринишида тузилган. Бу эса фойдаланувчиларга ахборотни бўлимлар бўйича осонлик билан топишга ёрдам беради.
Яқин кунларда дастурнинг iOS платформаси учун ҳам ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)