Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев сешанба куни мамлакат парламентининг навбатдаги сессияси очилишига бағишланган йиғилишида Ғарб давлатлари ва Россия томонидан бир-бирига киритилаётган иқтисодий санкциялар Қозоғистонга ҳам таъсир ўтказишини таъкидлади. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар бермоқда.
«Парламентнинг янги сессияси осон бўлмаган шароитларда бошланмоқда. Айни дамда жаҳон иқтисодиётидаги башорат қилиб бўлмас жараёнлар давом этмоқда. Геосиёсий хавф, хусусан, Украина воқеалари туфайли ёмонлашган халқаро муносабатлар билан боғлиқ хатар чуқурлашиб бормоқда», — деди Қозоғистон раҳбари.
Назарбоевнинг айтишича, бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг жами 60 фоизини етказиб берувчи давлатлар бир-бирига қарши киритган санкциялар халқаро иқтисодий муносабатлар ва жаҳон тартиботида ўзгаришлар юз беришига ва Қозоғистон ҳамкорларининг иқтисодий ўсиш даражаси пасайишига олиб келади, бу эса, ўз навбатида, Қозоғистонга ҳам таъсир ўтказади.
Президент, шунингдек, мамлакат иқтисодиёти, халқ фаровонлиги ва миллий хавфсизликка салбий таъсир ўтказадиган хатарларнинг олдини олиш бўйича керакли чоралар ишлаб чиқилиши зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Бундан аввалроқ, Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар тайёрлаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Изоҳ (0)