Рамзан Қодиров Билимлар кунида «Грозний» номли Чеченистон давлат телерадиоканали эфирида ўзини тележурналист сифатида синаб кўрди. Бу ҳақда «Обшчественное телевидение России» хабар бермоқда.
Канал мухбири Ясмина Гацаевадан интервью олган Чеченистон раҳбари ўз таассуротлари билан Instagram’да бўлишди. «Мен ҳам қизардим, ҳам рангим ўчиб кетди. Жиддий қиёфага киришга ҳаракат қилдим. Эплай олмадим, деб ўйлагандим, бундай эмас экан. Суратга олинган видеони телевидение раҳбарияти ва мухбирларидан иборат таркиб кўриб чиқиб, интервьюнинг профессионал, ҳозирги кун учун аҳамиятли ва қизиқарли чиққани ҳақида ёқимли хулоса қилди. Умуман олганда, аъло баҳо берди!» — деб ёзди Рамзан Қодиров.
Кейинроқ бу Чеченистон давлат телерадиоканали мухбирининг ҳазили бўлиб чиқди. 1 сентябрь Ясминанинг туғилган куни бўлиб, Рамзан Қодиров олган интервью мухбирнинг ўзига совға бўлган. «Ҳа, мен авваллари совға берардим, лекин бундай туҳфа қилганимни эслай олмайман. Менга Ясминанинг топқирлиги жуда ёқди. Мен бизнинг телевидениемизда шундай ақлли, камтар ва ишонувчан қизлар ишлашидан хурсандман», — дея, Қодиров мухбирга чиройли атиргуллар букетини совға қилганини маълум қилди.
Изоҳ (0)