Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрами арафасида Навоий вилояти Учқудуқ туманида ёшлар маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Бугун мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, албатта янгиланиш ва бунёдкорлик ишларининг устидан чиқасиз, — дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Навоий вилояти кенгаши раиси Козим Тожиев. — Бу давлатимиз раҳбари томонидан узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсат самараларидир. Учқудуқда барпо этилган ‘Келажак’ ёшлар маркази ҳам туман ёшлари учун энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб туҳфа бўлди».
Марказда ёшлар 13 йўналишдаги тўгараклар ва «Ёш тадбиркорлар», «Бунёдкор ёшлар», «Заковат» сингари клубларда ўз билим ва маҳоратини ошириш, истеъдодларини намоён этиш, танлаган мутахассислиги бўйича янгиликлардан хабардор бўлиб бориш имкониятига эга.
Бу ерда, шунингдек, Учқудуқ тарихига оид кўргазмалар зали, замонавий тарзда жиҳозланган спорт зали, интернет клуб ва электрон кутубхона фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Изоҳ (0)