Россия президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш лозим, деб ҳисоблайди. Бироқ бу иш икки мажбурий шартларга риоя қилган ҳолдагина амалга оширилиши мумкин. Бу ҳақда Владимир Путиннинг «Селигер» номли ёшлар анжуманида сўзлаган нутқига асосланиб, «ИТАР-ТАСС» хабар бермоқда.
РФ раҳбарининг сўзларига кўра, ислоҳот, энг аввало, ўзаро келишув натижаси бўлиши лозим. Иштирокчиларнинг кўпчилиги қайта ташкил этишга розилик билдириши керак.
«БМТ самарадорлигининг фундаментал асослари, хусусан, Хавфсизлик кенгаши ҳуқуқлари ҳамда унинг санкция киритиш ва, айниқса, қуролли кучлардан фойдаланиш билан боғлиқ алоҳида имтиёзлари сақланиб қолиниши — иккинчи мажбурий шарт ҳисобланади. Бу қарорлар халқаро муносабатлар иштирокчилари учун мажбурийдир. Мазкур механизмларнинг бузилишига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда, БМТ Миллатлар лигасига айланиб қолади», — дейди Путин.
Россия етакчиси БМТнинг ҳар доим ҳам самарали ҳаракат олиб бормаслиги ҳақидаги фикрга қўшилди. Шунингдек, у БМТ доирасидан ташқарида қабул қилинган қарорлар муваффақиятсизликка маҳкум эканлигини таъкидлади. Президентнинг «Менда шундай таассурот қолдики, америкаликлар нимага аралашса, у ерда Ливия ёки Ироқ вазияти юзага келади», — деган сўзлари катта олқишлар билан кутиб олинди.
«Муаммолар фақат бир томонлама ҳал қилинса, у узоққа чўзилмайди, аксинча, БМТда бир-бирига зид фикр ва позициялар тўқнашиши туфайли муросага келиш қийин кечади. Бироқ бу узоқ муддатли ечимга эришишнинг ягона йўлидир», — дейди Россия раҳбари.
Изоҳ (0)