31 августни Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаш анъанасига кўра бугун, якшанба тонгида пойтахтдаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида ўзбек халқи озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган аждодларни ёд этиш маросими ўтказилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон раҳбари уламолар, жамоатчилик вакиллари билан суҳбатда бугунги кунда Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, Ўзбекистон халқи олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
«Бугун ҳаёт шиддат билан жуда тез ўзгариб боряпти. Эртага бизни қандай хурсандчилик ва қувонч, айни вақтда қандай ташвиш ва муаммолар кутаётганини олдиндан айтиш, албатта, қийин, — деди Ислом Каримов. — Лекин биз ҳаётдан доимо яхшилик кутиб, бошқаларга ҳам яхшилик тилаб яшайдиган халқмиз. Шунинг учун ҳам эртанги кунимизнинг бугунгидан кўра ёруғ, тинч ва фаровон бўлишини орзу қиламиз, шу йўлда ўзимизни аямасдан, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз».
Президент бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршилик, жумладан, Яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани ҳақида фикр билдирар экан, барчани огоҳликка чорлади.
«Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш — бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак», — деб таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.
Шу куни Президент Ислом Каримов Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, озодлик, ёруғ келажак ва пок ниятлар рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар ва жамоатчилик номидан ҳам ёдгорлик пойига гуллар қўйилди.
Изоҳ (0)