Жанубий Африка Республикаси Олий суди мамлакат президенти Жейкоб Зумага унинг коррупция бўйича айбсиз эканлигини исботловчи телефондаги музокаралар ёзувини оммага ошкор қилиш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.
Нашрда қайд этилишича, ЖАР аҳолисининг ўзигина президентининг айбсиз ёки айбдорлиги билан боғлиқ якуний хулосага келиши мумкин. Шунга қарамай, мамлакат раҳбарининг ҳуқуқшунослари телефон ёзувларининг оммага тақдим этилишига қарши чиқди. Уларнинг фикрича, оппозицион кучлар мазкур маълумотлардан Зумага қарши фойдаланиши мумкин.
Бу ерда гап 2007 йилда қуролли кучлар тузилмалари ва прокуратура вакиллари ўртасида телефонда бўлиб ўтган суҳбат ҳақида кетмоқда. Унда, хусусан, Зума билан боғлиқ жиноий ишлар унинг президент бўлишидан-да аввалроқ ўйлаб топилгани муҳокама қилинган. Бу ишлар Зуманинг мамлакат раҳбари бўлишига халақит бериш мақсадида амалга оширилган.
Коррупцияда айбланган Жейкоб Зумадан 2009 йилда барча айбловлар олиб ташланди. Бироқ нашрнинг маълум қилишича, унга қарши қайтадан 700 дан зиёд жиноий иш қўзғатилиши мумкин.
Зума илк бор 2005 йилда коррупцияда айбланган. Шундан сўнг, у номусга тегишда гумон қилинган, аммо бу борада қўзғатилган жиноий иш кейинчалик тўхтатилган. Жорий йилнинг март ойида эса ЖАР ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мамлакат президенти ўз қароргоҳини қайта таъмирлаш учун давлат бюджетининг 23 миллион долларини сарфлаб юборганликда айбланди.
Изоҳ (0)