Apple компанияси 9 сентябрь куни катта тадбир ўтказилишини расман тасдиқлади. Ушбу тадбирда компаниянинг янги iPhone 6 смартфони ва iWatch ақлли соати тақдим этилиши кутилмоқда.
Ушбу тадбир бундан 30 йил аввал Стив Жобс Macintosh компьютерини тақдим этган The Flint Center’да ўтказилади. Бу ҳақда Phonearena.com сайти маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Apple анча пайтдан бери бу жойда тадбир ташкил қилмас, компаниянинг тадбирлари Сан-Францискодаги Yerba Buena марказида ёки Купертинода ўтказилар эди.
Ҳозирда The Flint Center’да катта қурилиш ишлари давом этмоқда ва декорациялар қурилмоқда. Apple у жойни куб шаклига ўхшаш қилиб безатмоқда ва яқин кунларда тадбир ўтказиладиган жой тайёр ҳолатга келади ҳамда унинг суратлари тақдим этилиши мумкин.
The Flint Center ўзига хос тарихий маскан бўлиб, 9 сентябрда ўтказиладиган тадбирда ҳам Apple ушбу тарихга мос катта ютуқларга эриша оладиган гаджетларни тақдим этиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)