Россиянинг «Краснодар» жамоаси Европа лигасининг гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритди, деб хабар бермоқда Stadion.uz.
Испанияда бўлиб ўтган дастлабки ўйинда «Реал Сосьедад» 1:0 ҳисоби билан ғалаба қозонган эди. Иккинчи ўйин эса анча шиддатли ўтди. Ўйиннинг сўнгги 20-дақиқаси барча масалани ҳал қилган бўлса-да, бунгача ҳар иккала жамоада дарвозани ишғол қилиш учун имкониятлар юзага келди. Айниқса, краснодарликлар рақибига нисбатан икки баробар кўп вазият яратди. 61-дақиқада ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Одил Аҳмедовнинг кучли зарбасини «Сосьедад» дарвозабони маҳорат билан қайтариб қолди. 71-дақиқада эса испанлар дарвозасига пенальти белгиланди ва Жоазиньо жарима зарбасини голга айлантирди.
Ўйин тугашига икки дақиқа қолганида Перейра, 90-дақиқада эса Ари дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди.
Одил Аҳмедов ўйинда тўлиқ ҳаракат қилди.
«Краснодар» ўз тарихида илк марта Европа лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этадиган бўлди.
Москванинг «Локомотив» клуби эса бундай йўлланмани қўлдан чиқарди. «Темирйўлчилар» сафарда дуранг ўйнаб, ўз майдонларида Кипрнинг «Аполлон» клубига 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Дастлабки ўйинда Виталий Денисов қизил карточка олгани боис жавоб учрашувида майдонга туша олмади.
Россиянинг яна бир жамоаси — «Динамо» қийинчилик билан Европа лигаси гуруҳ босқичига йўл олди. Кипрнинг «Омония»сига қарши жавоб учрашувига қўшиб берилган дақиқада урилган гол «Динамо»га гуруҳ босқичи йўлланмасини тақдим этди.
Европа лигаси, саралаш плей-офф босқичи, жавоб ўйинлари:
«Локомотив» (Россия) — «Аполлон» (Кипр): 1:4 (0:1)
«Краснодар» (Россия) — «Реал Сосьедад» (Испания): 3:0 (0:0)
«Омония» (Кипр) — «Динамо» (Россия): 1:2 (1:1)
Изоҳ (0)