Навоий шаҳридаги «Ёшлар маркази»да навоийлик футбол мухлислари учун унутилмас учрашув бўлиб ўтди. Шу куни ФИФА рефериси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Равшан Эрматов иштирокидаги учрашувни миллионлар ўйини ишқибози бўлган ёшлар катта ҳаяжон ва қувонч билан қарши олди, деб хабар бермоқда «Дўстлик байроғи» газетаси.
Ёшлар билан мулоқот чоғида таниқли ҳакам ҳеч нарсага осонликча эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. Ҳакам муваффақиятлар замирида тинимсиз меҳнат ётиши, инсон ўз танлаган йўлидан ҳар қандай қийин вазиятда ҳам воз кечмаслигини айтиб, ўзбек ёшлари, албатта, ғалабага муносиблигини ишонч билан тилга олди. Шунингдек, Равшан Эрматов мулоқот чоғида футболга кириб келиши, 2002 йил Ўзбекистонда ФИФА семинари бўлгани ва ўшанда ФИФА ҳакамлари таркибига тавсия қилингани ҳақида гапириб берди.
«Навоийлик ёшларнинг футболга меҳри баландлигини кўриб хурсанд бўлдим. Улар дунё майдонларини забт этишга қодир йигит-қизлардир. Бугун бундай ёшлар учун юртимизда барча имкониятлар яратилган. Фақат орқага чекинмаслик, тинимсиз меҳнатдан қочмаслик керак. Шунда, албатта, кўзланган натижага эришилади», — дейди Равшан Эрматов.
Учрашув сўнгида вилоят ҳокими ўринбосари Улуғбек Раззоқов Ўзбекистон фахрига айланган ҳакамга эсдалик совғаси сифатида ҳазрат Алишер Навоий акс этган рамзий ёдгорликни тақдим қилди.
Учрашувда Равшан Эрматовнинг жаҳон чемпионатидаги бригадасида ён қанот ҳаками бўлган Абдуҳамидулло Расулов ҳам иштирок этди.
Изоҳ (0)