Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги автомобиль ҳайдовчи маҳаллий аёлларга рулда бўлганда пардоз қилишни тақиқлаб қўйди. Ўзига оро бериб, сочини турмаклаётган аёл ҳайдовчилар 1000 дирҳам (270 доллар) миқдорида жаримага тортилади. Уларнинг автомобиллари эса бир ой муддатга олиб қўйилади. Бу ҳақда Khaleej Times нашри хабар бермоқда.
Мансабдор шахслар томонидан тарқатилган ахборотга кўра, аёлларнинг бундай хатти-ҳаракати йўлларда хавф-хатар яратмоқда.
Дубай полициясининг транспорт бўлими директор ўринбосари Саиф Муҳейр ал-Мазруий автомобиль ҳайдаш жараёнида ўзига пардоз бериш телефонда суҳбатлашишдан ҳам хавфлироқ эканини таъкидлади.
Шу ўринда, Саиф Муҳейр ал-Мазруий қўл телефонида гаплашиш ҳам 200 дирҳам (54 доллар)лик жаримага тортилишини қайд этди. Бироқ мамлакатда hands-free қурилмаси орқали телефонда гаплашиш тақиқланмаган.
Жорий йилда Дубай полицияси томонидан қайд этилган 26,5 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси телефонда гаплашиш натижасида содир бўлган.
Изоҳ (0)