Хитойнинг Ченгду шаҳрида футзал бўйича клублар ўртасида Осиё чемпионати бошланди. Қуръа натижасига мувофиқ, «А» гуруҳидан ўрин олган дастлабки турда Ўзбекистон чемпиони «Локомотив» ўтган йилги мусобақанинг бронза медалини қўлга киритган «Нагоя Оушенс» (Япония) клубига қарши майдонга тушди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
Биринчи бўлимдан сўнг, японлар 2:0 ҳисоби билан олдинга чиқиб олди. Иккинчи бўлимда Аҳад Юсупов шогирдлари вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилди. Бироқ бўлим ўртасида амалга оширилган бурчак тўпидан сўнг, Константин Свиридов бош билан ўз дарвозасини ишғол қилди. Натижада «темирйўлчилар»нинг вазифаси янада қийинлашди. Ўйин тугашига уч дақиқа қолганида ўзбекистонлик спортчилар қарши ҳужум уюштирди ва Фарҳод Абдумавлонов ҳисобни биттага қисқартирди.
Қолган дақиқаларда Ўзбекистон жамоаси бош мураббийи бешинчи ўйинчи тактикасидан фойдаланди. Бир вазиятда ўзбекистонлик футзалчи яқин масофадан зарба йўллади, бироқ япон дарвозабони зарбани қайтарди.
Шундай қилиб, илк ўйинда «Локомотив» 3:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўзбекистон чемпиони 2-турда мезбон жамоа — «Шенжен Нанлинг» билан баҳс юритади.
Изоҳ (0)