2014 йил 22 август куни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов Япония ҳукуматининг «Кадрлар тайёрлаш учун стипендия бериш» (Japanese Grant Aid for Human Resource Development Scholarship) лойиҳаси асосида Алмашиш ноталарини имзолади. Бу ҳақда UzReport.uz хабар бермоқда.
«Кадрлар тайёрлаш учун стипендия бериш» лойиҳаси Япония ҳукумати томонидан 1999 йилдан бери амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад давлатнинг иқтисодиёт, молия ва қонунчилик соҳаларидаги стратегиясини ишлаб чиқишда қатнашадиган давлат ходимлари ва мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Ҳозирга қадар Япония университетларининг магистратура йўналишларида таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сони 250 нафарни ташкил этди.
Бу сафар лойиҳа доирасида 211 миллион иен (2 050 000 доллар) маблағ ажратилди. Япония ҳукумати томонидан лойиҳани амалга ошириш учун 1999 йилдан буён ажратиб келинаётган маблағ жами тўрт миллиард иен (38 миллион АҚШ доллари)дан ошди.
Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикасининг 15 нафар фуқароси Японияда малака ошира бошлайди.
Изоҳ (0)