Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов Озарбайжон билан бўлиб ўтган ўйиндан сўнг, ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб маълум қилди «Olamsport».
«Биз учун ҳар бир ўйин муҳим саналади. Бугун намлик юқори эди ва бу футболчиларнинг югуришига қийинчилик туғдирди. Ўйин якунига келиб, шогирдларим чарчаб қолди. Ўйинда гол уриш учун вазиятлар юзага келди. Аммо уни ҳал этишда шошма-шошарликка йўл қўйдик. Сентябрда бизни Осиё ўйинлари кутиб турибди», — деб қайд этди Миржалол Қосимов.
Савол: Ўйиндан олдин сиз Озарбайжон таркибида техник жиҳатдан кучли футболчилар жамланган деб айтган эдингиз. Энди ҳам бу фикрингизни билдира оласизми?
Жавоб: Ҳа. Техник жиҳатдан кучли футболчилар кўп жамоангизда. Тўғри, бугун кўп нарса ўхшамади. Лекин бу ўртоқлик ўйини-ку. Бугун биз ўзимизнинг майдонимизда ўйнагандек бўлдик. Ўзбекистондан келган мухлислар бизни чиройли тарзда қўллаб-қувватлаб турди.
Савол: Озарбайжон таркибида кўплаб легионерлар бор эди. Нимага сизнинг жамоангизда легионерлар йўқ?
Жавоб: Бугун биз легионерларсиз ўйнадик. Улар айни пайтда ўз чемпионатларида иштирок этмоқда.
Савол: Сизни футболчиларни танлашда кўп танқид қилишди. Бугун Ўзбекистон иккинчи таркиби билан ўйнади, десак бўладими?
Жавоб: Ҳа, бизни мундиалга йўл ололмаганимиздан сўнг танқид қилишди. Ҳозир таркибимизда ёшартириш ишлари олиб борилмоқда. Янги футболчилар жалб этилмоқда. Кейинги мундиалда кўплаб футболчиларимизнинг ёши ўтиб қолади. Шунинг учун кўпроқ ёшларни жалб этмоқдаман. Биз бугун билан эмас, эртани ўйлаб ишлаяпмиз.
Савол: Бугун ҳар иккала жамоаларнинг деярли иккинчи таркиби ўйнади. Лекин майдонда зерикарли футбол бўлди. Осиё чемпионати шу қадар кучсизми?
Жавоб: Осиё ўйинларида 1991—1993 йилларда туғилган футболчилар қатнашади. Шу боис, биз янги жамоани шакллантиряпмиз ва Осиё ўйинларига тайёргарлик кўряпмиз.
Савол: Бугунги ўйинда Озарбайжон чемпионатининг энг кучли ҳужумчилари тўп сурди. Шуларнинг орасидан сиз билан бирга тўп сурган Назим Сулеймановга ҳеч бўлмаса 30 фоиз ўхшайдиган ҳужумчиларни кўрдингизми?
Жавоб: Бугун майдонда иккинчи Назим йўқ эди. Шунингдек, иккинчи Миржалол Қосимов ҳам йўқ эди. Назим Сулейманов билан бирга ўйнаганимиздан хурсандман. Айни пайтда техник жиҳатдан кучлироқ футболчилар жамланган. Лекин Назим бошқача футболчи эди. У ўйиннинг «нозик» тарафларини ҳис этиб ўйнарди.
Изоҳ (0)