Хитойлик олимлар халқ орасида ўз-ўзини портлатувчи террорчилар ва бошқа жиноятчиларни аниқлаб берадиган митти видокамера яратди. Бу ҳақда «Российская Газета» хабар бермоқда.
Мазкур қурилма оломон орасида энг кўп асабийлашаётганларнинг юзини «тутиб олади». Гумондорлар сезиларли масофадан туриб, тананинг очиқ қисмлари орқали ўлчанадиган тана ҳарорати, юрак уриши ва қон таркибидаги кислород миқдори сингари параметрлар бўйича аниқланади.
Камерани ишлаб чиққан мутахассислар раҳбари Чен Тонгнинг айтишича, оломон орасида кетаётган ёвуз ниятли кишининг юзи қурилма экранида қизил ранг билан ажратиб кўрсатилади.
Ишлаб чиқарувчилар мини-камера қаттиқ чарчаган одамни террорчидан ажрата олиши, айнан шунинг учун ҳам ноаниқ маълумотлар сони ниҳоятда кам бўлишини таъкидлади.
Ҳозирча қисқа вақт ичида бир неча параметр бўйича таҳлил ўтказишга қурилманинг кучи етмайди. Шу сабабли камера маълумотларни Wi-Fi тармоғи орқали узоқ муддат давом этадиган қайта ишлаш жараёни учун жўнатади ва таҳлил натижаларини қабул қилиб олади.
Бу турдаги қурилмага бўлган эҳтиёж, айниқса, июль ойида Хитойнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида амалга оширилган, 100 га яқин кишининг умрига зомин бўлган бир нечта террорчилик ҳаракатларидан сўнг кучайди.
Изоҳ (0)