Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 19 август куни давлат ташрифи билан Пекинга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши саройида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.
Шундан сўнг, Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Ислом Каримов Ўзбекистон томони Хитой раҳбарияти билан ҳар бир учрашувни юксак қадрлашини, бугунги музокаралар олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
Си Цзиньпин Ўзбекистонни Хитойнинг ишончли шериги деб билишини, икки томонлама ҳамкорлик узоқ муддатлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланаётганини қайд этди.
Томонлар ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги муносабатлар, ушбу тузилмани ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар ўзаро муносабатларнинг муҳим бўғини эканини инобатга олган ҳолда, ишбилармонларнинг бевосита мулоқотларини янада фаоллаштириш, савдо ва инвестицияга оид кўрсаткичларни юксалтириш, энергетика, нохомашё, юқори технологиялар, транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Ислом Каримов ва Си Цзиньпин музокарани Ўзбекистон ва Хитой расмий делегациялари аъзолари иштирокида давом эттирди.
Кенгайтирилган таркибдаги музокарада узоқ тарихга эга иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ҳозирги замон руҳи ва талаблари асосида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзолади. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида техникавий-иқтисодий, энергетика, юқори технологиялар, банк-молия каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. 2014—2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ислом Каримов ва Си Цзиньпин бўлиб ўтган музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорлик руҳида ўтганини, муҳокама қилинган масалалар бўйича томонларнинг ёндашув ва қарашлари ўхшаш ва яқинлигини таъкидлади. Эришилган келишувлар Ўзбекистон — Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Томонлар ушбу ташриф Ўзбекистон — Хитой муносабатлари тарихидан яна бир муҳим босқич сифатида жой олишини таъкидлар экан, олий даражадаги мулоқотларни изчил давом эттиришга, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга, гуманитар алоқаларни кенгайтиришга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.
Изоҳ (0)