Тошкентдаги Россия илм-фан ва маданият марказида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган Ўзбекистон Республикаси академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига РФ олий таълим муассасаларида ўқиш учун сертификатлар тақдим этиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда UzDaily.uz хабар бермоқда.
Жорий йилда ўзбекистонлик 233 нафар талаба Россия Федерацияси ОТМларида таълим олиш учун махсус сертификатни қўлга киритди. Ўзбекистондаги «Россотрудничество» ваколатхонаси раҳбари Валерий Кайер маросимни очиб берар экан, таълим дастурлари икки давлат ўртасида ўрнатилган гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқаларининг энг муҳим йўналишларидан бири эканлигини қайд этди.
Валерий Кайер Россиянинг турли шаҳарларида таълим олувчи бўлажак талабаларга ўқишларида омад тилар экан, бир-бирлари билан, шунингдек, Россия илм-фан ва маданият маркази билан алоқаларни узмасликлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Маълумот учун, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ, ўзбекистонлик истеъдодли ёшлар мамлакат хўжалигида талаб катта бўлган йўналишлар бўйича РФнинг энг илғор олий таълим муассасаларида ўқишга жўнатилади.
Изоҳ (0)